Линклар

Шошилинч хабар
04 июл 2025, Тошкент вақти: 17:09

"Ҳукумат ёпди-ёпди қилмоқда". Нукусдаги қонли воқеаларнинг уч йиллиги


Нукус шаҳрида тартибсизликларга айланиб кетган оммавий намойиш. 1 июль, 2022 йил.
Нукус шаҳрида тартибсизликларга айланиб кетган оммавий намойиш. 1 июль, 2022 йил.

Нукусда оммавий тартибсизликларга айланиб кетган намойишларнинг уч йиллиги арафасида халқаро ташкилотлар зўравонлик учун масъулларни жавобгарликка тортиш ва қурбонлар учун адолатни таъминлаш ҳақидаги чақириқларини янгилади.

Қорақалпоғистонда камида 21 кишининг ўлимига сабаб бўлган қонли намойишлардан уч йил ўтиб, мазкур ҳодисага ҳуқуқий ва сиёсий баҳо бериш, жабрланганларга нисбатан адолатни таъминлаш бўйича саволлар ҳамон очиқлигича қолмоқда.

Маҳаллий матбуот қонли воқеаларнинг навбатдаги санасини ёдга олгани йўқ.

HRW вакили: Жавобгарлик масаласи ҳал қилингани йўқ

Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Риттманнинг таъкидлашича, уч йил ўтганига қарамай, Нукус воқеалари юзасидан жавобгарлик масаласи ҳали ҳам ечилмаган:

"Ўзбекистон ҳукумати Қорақалпоғистонда 2022 йил июлида содир бўлган воқеаларни ёпиб, уни ортда қолдиришни истамоқда.

Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Риттман
Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Риттман

Бироқ норозилик намойишчиларига нисбатан хаддан ташқари куч қўллаш ва одамлар ўлими каби ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортиш талаби бугун ҳам, уч йил аввалгидай, долзарблигича қолмоқда. Бундан ташқари, қорақалпоқ ҳуқуқшуноси ва блогери Даулетмурат Тажимуратов ҳали ҳам қамоқда қолмоқда. У асоссиз равишда 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ҳукумат унинг қамоқда

қийноққа учраётгани ҳақидаги ишончли даъволарини бир неча бор эътиборсиз қолдирди. Бир неча ой аввал БМТнинг Қонунга хилоф ҳибслар бўйича Ишчи гуруҳи унинг қамоқда сақланиши “асоссиз ва ғайриқонуний” эканини таъкидлаб, Ўзбекистон ҳукуматини уни “дарҳол озод қилиш”га чақирди. У темир панжара ортида қолар экан, бу адолатсизлик давом этаверади. Қорақалпоғистондаги воқеалардан сўнг АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари идораси каби халқаро ҳамкорлар мустақил тергов ўтказишга чақиришган эди. Шу сабабли, улар бу чақириқни яна янгилаб, Қорақалпоғистондаги ҳуқуқбузарликларда айбдорларни жавобгарликка тортишга ва Даулетмурат Тажимуратовни озод қилишга чақиришлари жуда муҳим".

3 йиллик сукутни бузган ҳисоботлар

1 июль куни CIVICUS Monitor платформасида эълон қилинган ҳисоботда “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик” (IPHR) ва “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси” (AHRCA) ташкилотлари Даулетмурат Тажимуратовнинг тақдири юзасидан жиддий хавотир билдиришди.

Ҳисоботда қайд этилишича, Тажимуратов қамоқда доимий равишда қийноқ, таҳдид ва таҳқирларга дучор бўлмоқда.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси (AHRCA) раҳбари Надежда Атаева.
Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси (AHRCA) раҳбари Надежда Атаева.

"16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган ҳуқуқшунос, журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Даулетмурат Тажимуратовнинг ҳолати юзасидан жиддий ташвишлар мавжуд. Маълумотларга кўра, у қамоқда жазо ўтаётган вақтда жазони ижро этиш муассасаси ходимлари ҳамда бошқа маҳкумлар томонидан доимий равишда калтакланмоқда, ҳақоратланмоқда ва бошқа қийноқларга дучор этилмоқда. 2025 йил март ойида унинг адвокати Тажимуратовнинг умумий соғлиғи, аҳволи ва қамоқда кўрган муомаласи ҳақида жамоатчиликка мурожаат қилган. 2025 йил май ойида эса у яна қийноққа учраётгани ҳақида янги хабарлар пайдо бўлди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва халқаро мутахассислар бу иш юзасидан бир неча бор жиддий ташвиш билдиришган. БМТнинг Қонунга хилоф ҳибслар бўйича Ишчи гуруҳи Тажимуратовнинг қамоқда сақланишини ноқонуний деб топиб, Ўзбекистон ҳукуматини уни дарҳол озод қилишга чақирган", дейди Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси (AHRCA) раҳбари Надежда Атаева.

Даулетмурат Тажимуратов 2023 йил январида 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2024 йил 23 июл куни Олий суд унинг апелляциясини рад этди.

2022 йил 1–2 июль кунлари Конституцияда Қорақалпоғистоннинг суверен мақомини бекор қилиш таклифи ортидан бошланиб кетган Нукусдаги қонли воқеаларда, расмий маълумотга кўра, 21 киши ҳалок бўлган.

Нукус комиссияси ҳисоботи: расмий рақамлар ва очиқ қолган саволлар

2024 йил 26 декабр куни Нукус воқеаларини ўрганиш бўйича

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида намойиш. 1 июль, 2022 йил.
Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида намойиш. 1 июль, 2022 йил.

комиссия парламентга берган ҳисоботида ҳодисага оид қўшимча рақамлар ҳам очиқланди:

  • Оммавий тартибсизликлар давомида 21 нафар фуқаро, шу жумладан 2 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари вафот этган ва 413 нафари жароҳатланган, шундан 183 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари.
  • Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларнинг иштирокчиларидан 943 нафари ҳуқуқбузарликлар содир этгани учун огоҳлантирилган, 6 135 нафарига маъмурий жарима, 2 639 нафарига маъмурий қамоқ жазоси белгиланган, 61 нафари жиноятлар содир этгани аниқланган.


Бироқ, ҳуқуқ фаоллари ҳукумат берган рақамлар ва мустақил текширувлар асосида қурбонлар ва жабрланувчилар сони бундан кўпроқ бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Суд жараёнлари ёпиқ ҳолда ўтказилгани ва ишлар махфий сақланаётгани туфайли, таъқибга учраган фуқаролар аниқ сонини белгилаш қийин.

Туркманистон Хелсинки жамғармаси ҳисоботига кўра, Нукус воқеаларида қатнашгани сабаб 33 нафар киши ўзбек қамоғида қолмоқда.

Ҳукумат комиссияси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Нукусдаги намойишчиларга нисбатан сув ва рангли суюқлик пурковчи техника, кўздан ёш оқизувчи махсус гранаталардан фойдаланилганини билдирган.

Ҳисоботга кўра, инсон ҳуқуқлари ва уларнинг қонуний манфаатларини бузишга йўл қўйган ички ишлар органлари ходимларининг 3 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.

2023 йил август ойидаги ОАВ хабарларига кўра, 2 нафар ички ишлар ходими қийноқ содир этганлик айблови билан 7 йилга қамалган, яна бири ўлимга олиб келган беэътиборлик учун 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

HRW ҳисоботида Нукус воқеаларида қатор ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилган бўлса-да, бирорта юқори даражадаги амалдор жавобгарликка тортилмагани қайд этилган. Шунингдек, ташкилот парламент комиссияси ҳисоботини тақдим этгани билан ҳужжат ҳалигача жамоатчиликка эълон қилинмаганига эътибор қаратган.

"Комиссия хулосалари шуни кўрсатадики, 2022 йил июл воқеалари бўйича батафсил, холис ва мустақил терговларни давом эттириш, ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этганлар, жумладан юқори лавозимдаги амалдорлар ҳам жавобгарликка тортилишини таъминлаш учун аниқ чоралар кўрилиши шарт", дейди Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси (AHRCA) раҳбари Надежда Атаева.

Нукус воқеаларидан сўнгги сиёсат

Уч йил аввалги Нукус намойишлари ортидан, уларга сабаб бўлган конституциявий ўзгартишлар бекор қилинди — яъни, янги таҳрирдаги бош қонунда Қорақалпоғистоннинг суверен республика сифатидаги мақоми сақлаб қолинди.

Ҳукумат Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш учун минтақада ислоҳотлар қилишга уринмоқда. Ўтган ойда Қорақалпоғистонни 2035 йилгача ривожлантириш бўйича стратегик дастур қабул қилди.

Сўнгги маълумотга кўра, Озодлик суриштирувлари қаҳрамонларидан бири президент администрациясида ахборот сиёсати ва диний сиёсат учун масъул мулозим - собиқ адлия вазири Русланбек Давлетов Қорақалпоғистондаги ислоҳотлар учун масъул сифатида тайинланган.

Давлетов исми аввалроқ Озодлик суриштирувларида ҳам тилга олинган эди. Бу ҳақдаги видеоларимизни Ютуб саҳифамизда томоша қилинг.

Воқеалар хронологияси

  • 26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон конституцияси янги таҳририда Қорақалпоғистоннинг суверен мақоми ва референдум орқали Ўзбекистондан ажралиб чиқишига доир моддаларга таклиф қилинган ўзгариш шу куннинг ўзида ижтимоий тармоқларнинг қорақалпоқ сегментида қизғин муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлди;
  • 1 июль куни Нукус марказида конституциявий ўзгартишларга қарши тинч намойишларга чақирган «Эл хизметинде» газетаси редактори ва фаол Даулетмурат Тажимуратов ҳибсга олинди. Нукус марказида тўпланган кўп сонли оломоннинг норозиликлари ортидан Тажимуратов қўйиб юборилди;
  • Ўзбекистон Бош прокуратураси версиясига кўра, Тажимуратов "ноқонуний намойишларга чақиргани учун ҳибсга олинган. Тарафдорлари у қўйиб юборилганидан сўнг ҳам "тартибсизликларни давом эттиришган, куч тизимларига фаол қаршилик кўрсатганлар ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини ўзгартириш ва ҳокимиятни очиқча босиб олишга уринганлар";
  • 1 июль кечаси Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Нукусдаги намойишлар юзасидан баёнот бериб, юз берган воқеаларга “конституциявий ислоҳотлар моҳиятини нотўғри талқин қилиш” сабаб бўлганини билдирди. Вазирлик жамоат тартибини сақлаш учун қўшимча кучлар юборилганини тасдиқлади;
  • 2 июль куни Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Конституция лойиҳасидаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини эълон қилди. Аммо 2 июль тунида тармоқларда тарқаган видеолардан президентнинг ён бериши норозилик намойишларини тўхтата олмагани кўрилади;
  • Президент Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Фавқулодда ҳолат 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар давом этиши билдирилди;
  • 4 июль куни Миллий Гвардия ва Бош прокуратура Нукусдаги воқеааларда 18 киши ҳалок бўлгани ва 243 киши яраланганини маълум қилди; тан жароҳати олганларнинг 38 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари; 500 дан ортиқ одам ушланган;
  • Европа Иттифоқи, БМТ, АҚШ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга чақирди.
  • 6 июль куни президент Мирзиёев Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан терговга жамоатчилик вакиллари жалб қилиниши, куч тузилмаларининг ҳаракатлари таҳлил қилинишини айтди;
  • Бухородаги иккита суд жараёнида 39 нафар ва 22 нафар қорақалпоғистонликлар зўравонликларга алоқадорликда айбланди. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Қорақалпоғистоннинг ўзида ҳам қатор суд жараёнлари бўлиб ўтган.
  • Асосий айбланувчи кўрилган қорақалпоғистонлик журналист Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган. У айбларни рад этган ва ўзининг қийноққа солинганини иддао қилган.

Форум

Алоқадор

XS
SM
MD
LG