Темирйўлчидан чиққан қаҳрамон. Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов аслида ким?

Очилбой Раматов президент Мирзиёевга яқин ва садоқатли мулозим сифатида кўрилади.

  • Раматов комиссияси. Андижонда 4 киши ўлимига сабаб бўлган портлашдан уч ой ўтди, ҳукумат комиссияси нега жим?
  • “Шоввозсой”дан “Сардоба”гача. Нима учун Раматовга “ёғли” лойиҳалар берилади?
  • Содиқ мулозим. Каримов “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан сийлаган, Мирзиёев ҳукуматдан жой берган Очилбой Раматов ким?
  • Керакли одам. Раматовни сиёсий саҳнада узоқ йиллар сақлаб келаëтган куч нима?

Ўзбекистон сиёсий саҳнасидаги узоқ йиллик ўйинчи, вице-премьер Очилбой Раматовнинг мақоми ва унинг ортидаги сирларга назар ташлашга ҳаракат қиламиз.

Раматов комиссиялари

Бош вазир ўринбосари Очилбой Жуманиёзович Раматов раҳбарлигидаги ҳукумат комиссиялардан сўнггиси — Андижондаги портлаш юзасидан ташкил этилган комиссиясидир.

Андижонда расман тўрт кишининг ўлимига сабаб бўлган масжиддаги портлаш бўйича тузилган ҳукумат комиссияси ҳануз бу ҳодиса борасида дастлабки хулосасини эълон қилгани йўқ.

Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов 31 март куни эълон қилган хабарга кўра, Раматов раислигидаги комиссияга қатор топшириқлар берилган.

31 март куни Андижон вилояти Избоскан туманидаги “Аҳмадали ҳожи” жоме масжиди таҳоратхонасида газ портлаши оқибатида 4 киши ҳалок бўлган, 10 киши жароҳатланган.

Ҳодиса юзасидан Андижон вилоят прокуратураси Жиноят кодексининг 205- моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатган.

Ҳозирча ҳодисада ҳалок бўлган тўрт киши оиласига ҳукумат комиссияси қандай ёрдам бергани ҳақида бирор маълумот йўқ. Озодлик ҳодисада ҳалок бўлган Ҳалимжон Абдуллаевнинг яқинларидан бири билан суҳбатлашди.

“Ҳалимжон аканинг маракаларини ўтказишга маҳалладан ёрдам беришди. Лекин Тошкентдан бирор ёрдам келганини эшитмадим. Адвокат танишим Ҳалимжон ака оиласига компенсация ҳам берилиши шартлигини айтди. Аммо буни ким беради? қанча беради?қачон беради? - бунисини билолмадим”, дейди марҳумнинг яқини.

Андижондаги портлаш бўйича тузилган ҳукумат комиссиясига Очилбой Раматов раис бўлди.

Қурбонлар оиласига товон пули бериш масаласи Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов хабарида ҳам очиқланмаган. Вазирлар Маҳкамасининг Андижон масжидидаги портлашга оид фармойишини ҳукумат қарорлари жойланадиган lex.uz сайтидан ҳам топа олмадик. Ўзи одатда ҳукумат комиссияси тузилгани расман эълон қилинади, бироқ аксар ҳолларда бу борадаги ҳужжатни бирор жойдан топиш амримаҳол.

Ҳукумат комиссияси раиси Очилбой Раматов ҳодиса содир бўлган куниёқ Избосканга борган. Бироқ унинг қурбонлар оилалари билан учрашгани номаълум. Аҳоли ҳашар йўли билан портлаган таҳоратхона ўрнини тозалашган. Бир ҳафтадан зиёд вақт давомида масжид атрофидаги тадбиркорлик субъектлари ҳаммаси ёпиб қўйилган. Ҳодисадан сўнг мамлакат бўйлаб масжидларнинг таҳоратхоналари иссиқлик таъминотидан узилиб, намозхонлар учун ноқулайликлар юзага келган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси буни масжидлардаги иссиқ сув ва иситиш тизимларида назорат ўтказилаётгани билан изоҳлади.

Раматов бошчилигидаги комиссия Избоскан масжидидаги портлаш бўйича хулосани қачон эълон қилиши номаълум.

Бош вазирга ўринбосар этиб тайинланганидан бери ўтган 9 йил давомида Раматов қатор ҳукумат комиссияларига раислик қилган.

Раматов Вазирлар Маҳкамасида атроф-муҳит ва ҳудудий ривожланиш бўйича масъул ҳисобланади.

Рельсда бошланган карьера

Очилбой Раматов президент Мирзиёевга яқин ва садоқатли мулозим сифатида кўрилади.

У 2016 йил 12 июнида Бош вазирнинг 1-ўринбосари Рустам Азимов ўрнини эгаллаган.

Раматов масъул бўлган соҳаларда юз берган ва қурбонларга олиб келган қатор техноген фалокатлар ҳозиргача унинг ҳукуматдаги мавқеъига таъсир қилгани йўқ.

Кейинги ўн йилликда ўзбек сиёсий элитасидаги муҳим шахслардан бири сифатида қолаётган Очилбой Жуманиёзович Раматов ўз карьерасини оддий машинистликдан бошлаган.

У 1962 йил Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилган, 1980 йилда Урганч локомотив депосида машинист ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

1988 йилда Тошкент Темир йўл муҳандислари институтини тамомлагач, Раматов Тошкент тепловозларни таъмирлаш заводининг устаси, тепловоз цехи бошлиғи ўринбосари ва вагон таъмирлаш цехи бошлиғи бўлиб ишлаган.

1995 йил март ойида у “Ўзтемирйўлмаштаъмир” унитар корхонаси бош директори лавозимига, 2001 йил май ойида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг бош муҳандиси лавозимига тайинланган.

Раматов даврида “Ўзбекистон темир йўллари” олган кредитларнинг айримлари

Раматов ва қарзлар

Раматов 2002 йилдан бошлаб 17 йил давомида “Ўзбекистон темир йўллари”ни бошқарди. Бу давр ичида Раматовнинг ушбу ширкат учун олган кредитларининг сон-саноғи йўқ. Бироқ тизимдаги мутахассисларнинг айтишича, кредитлар компания ривожига хизмат қилмаган. Темир йўл ташиш хизмати Ўзбекистонда истеъмолчилар ва аҳолининг энг кўп норозилигига сабаб бўлаётган соҳалардан бири. Раматов “Ўзбекистон темир йўллари”ни тарк этгач, ширкат “фалажланиб” қолгани айтилиб, тизимда ислоҳотлар эълон қилинди.

Мавзуга алоқадор “Бурнигача қарзга ботган”. “Ўзбекистон темир йўллари”да реструктуризация

Раматов даврида “Ўзбекистон темир йўллари” олган кредитларнинг айримларини санаймиз:

  • 2014 йилда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси “Қамчиқ” довони орқали ўтадиган йўл қурилиши учун “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясига 280 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратган.
  • Ушбу лойиҳа учун Хитойнинг “Эксимбанк”и ҳам 350 миллион долларлик кредит ажратган.
  • 2017 йилда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Тошкент шаҳрида Юнусобод метро линияси қурилиши учун 140 миллион доллар ажратилган.
  • Шу йили Осиё тараққиёт банки Ўзбекистондаги темир йўлларнинг 145 километрини электрлаштириш лойиҳасига 80 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратган.


Бу рақамлар Раматов даврида “Ўзбекистон темир йўллари” олган кредитларнинг атиги бир қисми. Озодликнинг олдинроқ ўтказган суриштируви Марказий Осиёдаги энг йирик темирйўл ширкати ушбу кредитларни қайтара олмай бурнигача қарзга ботганини ўртага чиқарганди.

Муаммо расман тан олинган бўлса-да, тафсилотлар очиқланмаган. Ўзбекистонда катта-кичик лойиҳалар бўйича ҳисоботни жамоатчиликка тақдим қилиш амалиёти деярли кузатилмайди.

Кейинчалик Раматовнинг айнан “Ўзбекистон темир йўллари”ни бошқарган даврида коррупцияга қўл урганига ишора қилувчи фактлар ўртага чиққан.

"Очилбой Раматов — Ўзбекистондаги бошқарув тизимидаги қизиқарли ва ўзига хос шахслардан бири. Унинг фаолияти расмий институтлар ва қарор қабул қилиш механизмларига таянган ҳолда, шунингдек, норасмий алоқалар ва шубҳали молиявий схемалардан фойдаланган ҳолда амалга оширилган. Раматовнинг яширин молиявий схемалардан фойдаланишга мойиллиги Ислом Каримов давридаёқ намоён бўлган. Мирзиёев эса Раматовга ҳар қандай масалаларни, шу жумладан, унинг вазифаларига кирмайдиган ва шубҳали молиявий схемаларни талаб қилувчи масалаларни ҳал қилишда ишонган. Раматовни "Бажарамиз" деб аташ мумкин, яъни ҳар қандай топшириқни бажаришга тайёр ва бажара оладиган шахс. У расмий ва норасмий топшириқларни бажаришга тайёр бўлган, лекин натижалар ҳар доим молиявий самарадорлик ва иш сифати жиҳатидан мақбул бўлмаган", дейди Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов.

Офшордаги Раматовлар

2022 йилнинг февралида Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) Очилбой Раматовнинг рафиқаси Раъно Раматованинг офшор ҳудудлардаги йирик бизнесларини фош қилди.

Суриштирувда “Ўзбекистон темир йўллари”дан пул ўзлаштириш учун Раъно Раматова номига офшор компания очилгани иддао қилинади.

Журналистлар Раматованинг Credit Suisse банкидаги ҳисоб рақамида 2010 — 2015 йилларда 1 миллион доллардан ортиқ маблағи бўлганини аниқланган.

Суриштирувга кўра, Раматова Швецария банкида ҳисоб рақамини "Orient Group" компаниясининг таъсисчиларидан бири Файзуллажон Мирзаев қўллови билан очган. Ушбу ширкат “Ўзбекистон темир йўллари”нинг бизнес ҳамкори, Очилбой Раматовнинг “чўнтаги” дея таърифланган.

Pandora Papers ҳужжатларида ҳам Очилбой Раматовнинг Файзуллажон Мирзаев билан боғловчи бизнеслар бўлгани тилга олинади. Жумладан, Раъно Раматова Британиянинг Виржин оролларида “Keltran International Limited” компаниясига асос солгани аниқланган.

2022 йилнинг мартида Ўзбекистон Коррупцияга қарши кураш агентлиги “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг офшор ҳудудлардаги молиявий ўйинларига алоқадорлигини ўрганишни бошлаганини маълум қилган. Бироқ орадан уч йил ўтиб ҳам агентлик бу борада бирор ҳисоботни эълон қилгани йўқ. Раматов эса ҳукуматда қолаверди.

Озодлик суриштирувларида Очилбой Раматовнинг пандемияга қарши кураш учун ажратилган 8 миллиард долларлик мегалойиҳаларга ҳам алоқадорлиги аниқланган.

Махфий лойиҳалар устаси

Шунингдек, Раматов- Озодликнинг “Мирзиëев сири: Тоғлар бағрига яширилган қароргоҳ ва сув омбори” номли суриштируви қаҳрамонларидан саналади.

Бу суриштирувда Шавкат Мирзиëев президентликка келиши билан Очилбой Раматов бошчилигидаги “Ўзбекистон темир йўллари” Оҳангарон тоғларида махсус дам олиш қароргоҳи ва сув омбори қургани, бу лойиҳанинг йиллардан бери жамоатчиликдан сир тутиб келингани ва унинг иқтисодий аҳволи оғирлашиб бораëтган Ўзбекистон бюджетига юзлаб миллион долларга тушгани айтилган.

Раматов нафақат Мирзиёев даврида, балки Каримов пайти ҳам мамлакатнинг “бош қурувчи”ларидан саналган. Энг йирик лойиҳалар қурилиши айнан Раматовга топширилган.

Жумладан, Сардоба сув омбори қурилишида Раматов бошчилигидаги “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” унитар корхонаси бош пудратчи бўлган.

2020 йилнинг 1 май куни Сардоба сув омбори фойдаланишга топширилганидан уч йил ўтиб-ўтмай емирилиб, давлат ва халққа миллионлаб доллар зиëн етказган, одамлар ҳаëтига зомин бўлган эди.

Мавзуга алоқадор Сардоба иши: Ëпиқ суд ортидаги махфий келишув - судланувчилар озод этилиши кутилмоқда

"Сардоба сув омборининг ёрилиши лойиҳаси шубҳали молиявий схемаларга таянган ҳолда амалга оширилганлиги эҳтимоли катта. Лойиҳанинг бош пудратчиси "Ўзбекистон темир йўллари" бўлиб, ўша вақтда Раматов бу ташкилотни бошқарган. Бу лойиҳа субпудратчиларга тақсимланган ва натижада қурилиш меъёрлари бузилган, моддий воситалар талон-тарож қилинган бўлиши мумкин. Бу эса омборнинг ёрилиши ва Ўзбекистон ҳамда Қозоғистондаги катта ҳудудларнинг сув остида қолишига олиб келган. Шунингдек, Раматов бу лойиҳа бўйича жавобгар шахслардан бири бўлган бўлса-да, ҳеч қандай жавобгарликка тортилмаган. Бу ҳолат Мирзиёев билан Раматов ўртасидаги яқин норасмий алоқалар натижасида юз берган бўлиши мумкин. Чунки Раматов Мирзиёевни ҳам оғир ҳолатга солиши мумкин эди", дейди Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов.

Яна бир фожиага сабаб бўлган объект- Тошкентдаги метро қурилиши ҳам Раматовга боғланади.

2019 йилнинг 18 декабрида Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида ер ўпирилиши оқибиатида ишчиларни тупроқ босиб қолган. Ушбу фожиада олти қурувчи ҳалок бўлган.

Раматов қурилишга масъуллардан бири саналсада, ушбу ҳодиса бўйича тузилган комиссияга раислик қилган.

Комиссия зиммасига ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш юклатилганига қарамай, нобуд бўлган олти ишчининг оилаларига товон пули тўлиқ тўлаб берилмагани айтилган.

Фожеалар пайти ташкил қилинадиган Раматов бошчилигидаги ҳукумат комиссиялари фаолияти тармоқларда мунтазам танқид қилиб келинади.

Жумладан, Бойсундаги конда содир бўлган фожеа. Раматов ўтган йилнинг 1 сентябрида “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида портлаш содир бўлгач, биринчилардан бўлиб ҳодиса жойига етиб боргани, техноген офат асоратларини бартараф этиш, қайта такрорланиши олдини олиш масалаларига бош бўлгани хабар қилинди.

Озодлик ҳодисадан сўнг эвакуация қилинган аҳоли сарсон бўлаётгани ва газ ҳиди одамларни қийнаётгани ҳақида ўз вақтида хабар қилган.

Бироқ ҳодисанинг орадан 16 кун ўтиб такрорлангани - шикоятлар инобатга олинмаганини кўрсатди.

Бу сафар 4 киши ҳалок бўлди, ўндан зиёд одам касалхонага ётқизилди.

Ҳалок бўлганлар оилалари орадан етти ой ўтиб ҳам товон пулларини ололмаётганидан шикоят қилишмоқда.

Очилбой Раматов Бош вазир ўринбосари сифатида раҳбарлик қилган йирик лойиҳалар ҳам муваффақиятсиз бўлгани танқидга олинади.

Жумладан, Раматов зиммасига юклатилган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” лойиҳалари тўлақонли амалга ошмагани айтилган.

Раматов, шунингдек, мамлакатдаги энергетик бўҳронни юмшатишга масъуллардан бири. 2022 йилда қишга тайёргарлик учун оз эмас, нақ 2 триллион сўм ёки қарийб 180 миллион доллар пул ажратилган ва Раматов зиммасига назоратчилик вазифаси юклатилган эди. Бироқ шу йили аҳоли энергетик коллапсга юз тутган ва ажратилган пул ҳисоботини биров сарҳисоб ҳам қилмаган эди.

"Раматов фақат қурилиш билан боғлиқ лойиҳаларни эмас, балки бош вазирнинг ўринбосари сифатида энергетика соҳасини ҳам назорат қилган. 2023 йилда у бошқарган маблағлар қандай сарфлангани номаълум бўлиб, декабрь ойида мамлакат бўйлаб, айниқса, шаҳарларда, иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув етказиб беришда муаммолар юзага келган. Бу ҳолат ресурсларни тақсимлаш ва бошқариш тизимидаги муаммолар натижасида юз берган. Бу муаммоларда Раматовнинг ҳам алоқаси бўлиши мумкин.Қизиғи шундаки, Мирзиёев Раматовни баъзан оммавий йиғилишларда танқид қилган бўлса-да, у ҳеч қандай жиноий жавобгарликка тортилмаган ва ўз вазифаларидан тинчлик билан кетган", дейди Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов.

Ўзи шу пайтгача бирор марта Раматов бошчилигидаги ҳукумат комиссиялари ва унинг назортидаги йирик лойиҳалар ҳақида халққа хисоб берилмаган.

Мирзиёевнинг баъзи-баъзида Раматовни койиб туриши инобатга олинмаса, у дахлсиз шахсдай тассурот қолдиради.

Раматов 2000 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган саноат ишчиси” давлат унвони, 2007 йил август ойида “Фидокорона хизматлари учун ” ордени, 2011 йил августида “Эл-юрт ҳурмати ” ордени, 2013 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони, 2022 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.очил